Yurakcha. Ru

Filter:
Kutubxona | Homiladorlik

Ҳомиладор аёлларни варикоз қийнаса

Teglar:yurak tomir xastaliklari | homiladorlikda hastaliklar | xalq tabobati
Qo'shdi:admin (24.02.2020 / 02:09)
Reyting:rating 286 article (0)
O'qilgan:155
Fikrlar:0
Ҳар учинчи аёлдан бири оёқларида оғриқ, оғирликни ҳис этади. Оғирлик, чарчоқ ҳисси, шишлар – кечқурун юзага чиқадиган бу аломатларнинг барчаси варикоз касаллиги бошланаётганидан далолат беради. Хўш, бу ҳолда нима қилиш мумкин? Бугунги саҳифамизда варикоз касаллиги ва унинг олдини олиш ҳақида сўз юритамиз.

.

Касаллик сабаблари нималардан иборат?

Наслий омиллар;

Аёлларнинг тез-тез ҳомиладор бўлиши ва кўп туғруқлар;

Ортиқча вазн;

Оғир жисмоний меҳнат;

Узоқ вақт тик туриб ёки ўтириб ишлаш, оғир юк кўтариш;

Гормонал ўзгаришлар (таркибида эстрогенлар миқдори кўп гормонал контрацепция воситаларини қабул қилиш);

Конституция (касаликка асосан семиз ва бўйдор кишилар чалинади);

Ҳаёт тарзи (кўп ҳаракатланадиган инсонларда варикоз касаллиги нисбатан камроқ учрайди).

Фактлар, рақамлар
Статистик маълумотларга кўра, аёллар эркакларга нисбатан бу касалликка 5-6 баробар кўпроқ чалинишади;
Ошпазлар, официантлар, сотувчилар, сартарошлар, косметологлар, темирчи усталар, юк ташувчилар, ҳайдовчилар, тикувчилар, жарроҳлар, ҳисобчилар, профессионал спортчилар, велосипедда мунтазам равишда юрадиганлар, футболчилар, штанга кўтарувчилар, кондукторлар ва шунга ўхшаш касб эгаларида варикоз касаллиги кўпроқ учрайди;

Варикоз касалллиги 20-40% ҳомиладор аёлларда ва ёш оналарда келиб чиқади.

Маълумот ўрнида
Варикоз — вена қон томирларининг энг кўп тарқалган касаллигидир. Кўп ҳолларда бачадон, тухумдон, кичик тос, жинсий ва бошқа органлар венаси ҳам варикоз кенгайиши мумкин. Варикознинг энг хавфли оқибати – бу тромбофлебит (веналар деворининг тромб ҳосил қилган ҳолда яллиғланиши) ва томирлар тромбоэмболиясидир (касалланган томирнинг тромб билан ёпилиб қолиши). Варикоз касаллигининг оқибати бемор соғлиғига жиддий хавф туғдиради.

Касаллик белгилари нималардан иборат?
Варикоз касаллиги аёлларда, асосан, оёқ қон томирларида учрайди. Касаллик бошланишида беморларнинг шикоятлари косметик ноқулайликдан иборат бўлади: вена қон томирининг тери юзасида билиниб туриши, томирларнинг ҳар хил шаклда бўлиши.

Кейинчалик варикоз кенгайган веналар бутун оёқ бўйлаб тарқалади ва тўқималарда қайтмас ўзгаришлар содир бўлади. Беморларни шиш, икрасимон мушаклардаги оғриқлар, эрталаблари мушакларнинг тортишиб қолиши қийнайди. Терида кўкариш пайдо бўлиши мумкин. Кейинчалик арзимаган жароҳат узоқ вақт тузалмайдиган яраларнинг ривожланишига олиб келади. Аста секин оёқларда шиш пайдо бўлиб, оғирлик сезилади. Тери қуруқлашиб, ранги қораяди ва усти доғ билан қопланади. Кун давомида тери қичиши, юрганда мушакларда оғриқ сезилади.

Аёллар учун уй шароитида тавсия этиладиган машқлар

1. Қўллар билан елка тенглигида деворга тиралиб туринг. Сўнг оёқлар учида туриб, яна олдинги ҳолатга қайтинг. Бу машқ кунига 15-20 марта қайтарилади.

2. Кафтларни учинчи- тўртинчи бўйин умуртқасига қўйиб, оёқларни бирлаштириб, панжаларни ўзингизга қараб тортинг. Ушбу ҳолатда тезкор тебранишни аввал ўнг, сўнгра чап тарафга, товонлар ўз ўрнида қолган ҳолда бажариш лозим. Бу тебраниш бутун тана бўйлаб бажарилади. Машқни 3 дақиқа давомида бажаринг.

3. Оёқлар бирлаштирилиб, бир-бирига сиқиб ўтирилади. Кетма- кетликда оёқлар кўтарилиб, яна ўз ҳолига қайтарилади. Енгил нафас олинади. Машқ кунига 15-20 марта бажарилади.

Аёлларга касаллик зўрайишининг олдини олиш бўйича тавсиялар:

Қон оқимининг юза веналардаги ҳаракатини камайтириш учун уларни қисиш керак. Бунинг учун эластик пайпоқ ва колготкилардан фойдаланилади. Пайпоқ эрталаб вертикал ҳолатга ўтгунга қадар кийилади, бунда веналар ҳали қон билан тўлмаган бўлади. Ёзда эса бошқа воситалар қўлланилади;

Нотўғри овқатланиш, оғир жисмоний меҳнат, семириб кетиш ва бошқалар веналарнинг варикоз кенгайишига олиб келишини унутманг;

Қуёш нури ва қаттиқ уқалаш (массаж) мумкин эмас;

Кўпроқ витаминларга, минерал моддаларга ва микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари: сут, қатиқ, творог, ҳўл мева, сабзавот, ошкўклар, шарбатлар, айниқса, анжир, ўрик, карам, тарвуз, бодринг, сабзи, қизил лавлаги, шотут, қулупнай, ошқовоқ истеъмол қилиш жуда фойдалидир.

Сабзавотлардан тайёрланадиган салатларга, маринадларга бир неча томчи сирка кўшиб истеъмол қилинса, қон томирларда тромблар пайдо бўлишидан сақлайди.

Узоқ вақт вертикал ҳолатда турганда ёки стулларда узоқ вақт ўтириш ҳам оёқларда ва бошқа аъзоларда қоннинг туриб қолишига олиб келади. Агар сиз ишда кўп юрсангиз, ҳар 20-30 дақиқада ўтиринг ёки ётиб олинг, бунда оёқларингиз тос суягидан юқори бўлиши керак.

Кўпроқ юришга ҳаракат қилинг, чунки юрилганда оёқ мушаклари туриб қолган қонни маълум даражада ҳайдаб туради.

Узоқ вақт бир жойда туриб ишлайдиган кишилар оёқларини бироз очиб, товон ва учини галма-галдан худди тикув машинасида ишлаётгани каби ҳаракатлантириш керак.

Оёқни тез-тез илиқ сувда совунлаб ювиб туриш керак. Сувда ялангоёқ юриш ҳам қон юришини яхшилайди ва томирларда қон тўхтаб қолишини камайтиради.

Халқона усуллар

Карам барглари тухум оқи билан аралаштирилади. Кечаси компресс шаклида зарарланган жойларга қўйилади. Сохта каштан, қизил узум, қизил сувўтлари, қашқарбеда ўсимликларидан тайёрланган ванналар ҳам оёқлар учун фойдалидир. Таркибида кобальт, марганец ва селен каби микроэлементларни сақловчи маҳсулотлар веналарнинг тонусини оширади. Бу микроэлементлар янги узилган мевалар ва бошоқлиларда мавжуд.

Ҳомиладорлик ва варикоз касаллиги

Ҳомиладорлик пайтида варикоз касаллиги тез тез учрайди. Бу қуйидаги сабабларга кўра юз бериши мумкин:

Ҳомиладор аёлнинг организмида айланадиган қон миқдори ошади, демак қон тизимига тушадиган зўриқиш ҳам ортади;

Венадаги босим ошади ва оёқ томирларидаги қон айланиш тезлиги секинлашади;

Аёл организмида гормонал фон ўзгаради. Шу боис қон томирлари фаолияти ҳам бузилади.

Ҳомиладор аёлларга тавсиялар

Ҳомиладор аёлларда варикоз касаллиги кузатилганда, у туғруқ давригача оёғига эластик бинт ўраб юриши, бандаж (тананинг касал жойини танғиб қўядиган махсус камар) тақиши керак. Бундан ташқари, қуйидагилар буюрилади:

ҳомиладорликлар орасида қисқа муддатлар бўлмаслиги лозим (интервал 2-3 йил бўлиши керак);

гормонал контрацепция воситаларига эътиборли бўлинг, чунки кўп ҳолларда уларнинг таркибида эстрогенлар миқдори кўп бўлади, ушбу модда томир тизимига салбий таъсир қилади;

эрталаб ва кечқурун оёқ кафти ва болдирлар учун контраст душ қабул қилинг – бу қон айланишини рағбатлантиради. Фақат бўлғуси оналарга ушбу муолажа билан эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.

Вазнингизни назорат қилиб боринг! Қисқа муддат ичида семириш варикознинг кечишига салбий таъсир қилади.

Қон ҳаракатини сиқиб қўй­майдиган ва пахта матодан тикилган ички кийимлар кийинг.

Ҳомиладорликнинг иккинчи 3 ойлигидан бошлаб бандаж тақинг. Баланд пошнали ва орқаси йўқ туфлилардан воз кечиб, товонни яхши ушлаб турадиган пойабзал танланг. Бундай пойабзалда юриш қон айланиш тизимига яхши ёрдам беради.

Ич қотишига йўл қўйманг. Оғир юкларни кўтарманг. Организмни тетиклаштирадиган ичимликлар (аччиқ қаҳва, чой) ичманг.

Ўтирганингизда ёки ётганингизда тортишиш кучини юмшатиш учун оёқларингизни бироз кўтаринг. Тунда матрас остига ёстиқ қўйинг ёки оёқларингизни шунчаки каравотдан тахминан 10 см баландга кўтаринг.

Узоқ вақт ўтирманг ва тик турманг. Махсус колготкилар кийинг. (Агар бўлғуси онада веналар варикоз касаллиги мавжуд бўлса, унга босим даражаси I ёки II бўлган колготкилар ки-йиш тавсия этилади (III ва IV даражали колготкалар бўлғуси оналарга мўлжалланмаган).
Yuklash txt | fb2
#
» Hozir saytdagilar 6
» Foydalanuvchilar 0
» Mehmonlar 6
Bosh sahifaga